Мамлакатимиздаги тартиб-қоидаларга биноан валюта олди-соттиси фақат банклар орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Лекин "қора бозор"ларда бу иш билан шуғулланувчи кимсалар бунинг жиноят эканлигини билсалар-да, ўз истаклари йўлида бунга қўл урмоқда.
1995 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро Далер Фаттохов ҳам ёш бўлишига қарамай, бирор касб-ҳунарни этагидан тутиш ўрнига ана шундай "тадбиркор"ликни ўзига касб қилиб олади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари томонидан 2018 йил 26 июнь куни "Ўрташиқ" маҳалласида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузар Д.Фаттохов мазкур маҳалла ҳудудида валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил этиб, қонунга хилоф равишда фуқаро Д.Бобоевадан 1 АҚШ долларини 7.850, (етти минг саккиз юз эллик) сўмдан ҳисоблаб, жами 100 (юз) АҚШ долларини 785 000 (етти юз саксон беш минг) сўмга сотиб олганлиги аниқланди. Шу билан бирга, шохобчадаги мавжуд, умумий қиймати 10.452.595 сўм бўлган 720 АҚШ доллари ҳамда 4.785.000 сўм миқдоридаги пул далилий ашё сифатида холислар гувоҳлигида расмийлаштирилиб олиб қўйилди.
Ҳуқуқбузарнинг қилмиши унинг суд мажлисида берган кўрсатмаларидан ташқари, дастлабки суриштирув ҳужжатлари ва бошқалар билан ўз исботини топди. Суд Д.Фаттоховга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 170-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 (беш) баравари, яъни 861.200 (саккиз юз олтмиш бир минг икки юз) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади. Шунингдек, далилий ашё сифатида олинган 720 АҚШ доллари ҳамда 4.785.000 сўм миқдоридаги пуллар давлат фойдасига мусодара қилинди.
А.АБИТОВ,
Департаментнинг туман
бўлими суриштирувчиси,
3-даражали юрист
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.