Маълумки халқимизнинг кўп йиллар давомида шаклланган ўзига хос миллий либослари мавжуд. Улар нафақат миллатимиз кўрки, балки маънавий мафкурамиз ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.
Шу боис уларни асл ҳолича сақлаш ва келажак авлодларга ҳам безавол етказишимиз лозим. Вилоят ҳокимининг 2025-йил 6-февралдаги 33-7-0-Қ/25-сонли қарори бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорда ҳафтанинг ҳар жумаси вилоятимизда миллийликни тарғиб қилиш куни сифатида белгиланиб, шу куни барча бошқарма, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ишга Миллий либосда келиш ва уни кенг тарғиб қилиш сўралган.
Самарқанд туманида ҳам қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, мактабгача ва мактаб таълим муассасаларида, маҳаллаларда ва бошқа корхона ва ташкилотларда барча ходимлар ишга миллий либосда келишиб урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлмаган кийиниш услубларига қилинаётган тақлидларнинг олдини олиш мақсадида миллий кийиниш маданиятини намойиш қилдилар.
Албатта, ходимларнинг ишда миллий либосда юриши бу ерга келаётган фуқароларга таъсир ўтказмасдан қолмайди. Уларни кўрган аҳолининг хусусан ёшларнинг либосларимизга бўлган қизиқишиянада ортади. Муҳими, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бошланган бу сайъи-харакатлар анъана ва қадриятларимиз бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.