Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НОДИР ДЕВОНБЕГИ – САЙЁҲЛАР НИГОҲИДА

Муқаддас қадамжолар

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини янада ошириш борасида улкан имкониятлар мавжуд. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг бой тарихи, бетакрор қиёфаси, гўзал табиати, аждодларимизнинг ақл-заковати ила барпо этилган тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ҳар қандай киши эътиборини ўзига тортиб, бағрига чорлайверади. 

         Самарқанд туманидаги Хожа Аҳрори Валий мақбараси қошидаги «Нодир девонбеги» мадрасаси ҳам ана шундай манзиллардан бири ҳисобланади. Мазкур мадраса тарихига қисқача тўхталадиган бўлсак у 1630-1635 йилларда Бухоро хони Имомқулихоннинг вазири Нодир девонбеги томонидан қурдирилган. Ушбу мадрасанинг айнан шу қўрғонда барпо этилишини Бухоро хонининг вазири Нодир девонбегининг ҳазрат Хожа Аҳрори Валийга бўлган эътиқоди ва чексиз ҳурмати белгиси деб тушунмоқлозим.

Илм-фанда, бадиий ижодиётда, машҳур бинолар қурилишларида бир-бирига ўхшаш, бир-биридан андоза олиш, яхши ва хайрли ишларни ривожлантириб бориш тарихий анъана тусини олиб келган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Хожа Аҳрори Валий қўрғонида қурилган «Девонбеги» («Нодир девонбеги») мадрасасининг лойиҳасини ишлашда Регистондаги Шердор мадрасасидан ижодий фойдаланиб иш кўрилган. Пештоқда шер расмининг акс эттирилиши, моҳирлик билан безак берилганлиги, катта ҳовли ва унинг четларида ҳужраларнинг жойлашганлиги билан Шердорнинг кичик бир нусхасига ўхшайди, аммо, унда миноралар йўқ. Нодир девонбеги мадрасаси пештоқида қуёш ва шерлар тасвири туширилгани учун халқ орасида ушбу мадраса кичик Шердор ёки Шердори берун (ташқи Шердор) номлари билан ҳам машҳурдир.

Мадраса бир қаватли бўлиб, ХVI-ХVII асрларда кенг тарқалган тўрт айвонли ҳашаматли шарқона меъморчилик усулида бунёд этилган. У уч таркибий қисмдан иборат бўлиб, дарсхона, ётоқхона ва хизматчи ходимларга мўлжалланган хоналарни ўз ичига олади. Мадраса ҳовлисининг 2 томонида айвон, 28 та ҳужралар, ҳовлининг охирида масжид ва 2 та дарсхоналар жойлашган. Мадраса пештоқи айвон безакларига ўзаро уйғунлаштириб феруза, яшил ва сариқ рангларда майда ва жимжимадор нақшлар билан нафис безатилган.

Мадрасада ўқиш-ўқитиш ва талабаларнинг яшайдиган ётоқхоналари бир ҳовлида яхлит бўлиши ҳисобга олинган. Ички деворлари бурчакларидан беш қиррали тахмон кесиб тайёрланган ва жиҳозланган. Уларнинг баъзилари шарқона уйларга ўхшаш бўлиб, махсус эшикчаларга эга. Ғарб томонида хоналар йўқ. Мадрасанинг олд томони эса пештоқлар билан безак бериб ажратилган. Улар сирланган ғишт ва нақшлардан ишланган бўлиб, ажойиб манзарани ташкил этган. Унинг асосий пештоқида мадрасанинг қурилиши бошланганлигини кўрсатувчи ёзувлар мавжуд бўлиб, улар нақш безаклари билан уйғунлашиб кетган. Бу ёзувларни нақшлар билан хаттот Хожа Ҳошим ва муҳандис-қурувчи Дўстмуҳаммадлар уйғунлаштирган экан. Бинонинг шифтлари наққошлик санъати усулида бўялган.

Мадраса ўша давр талаби бўйича фаолият кўрсатган, яъни унинг асосий йўналишидан ақлия илмларни ўргатиш асосий ўринни эгаллаган. Афсуски, унинг мударрис ва толибу илмлари ҳақида етарли маълумотлар сақланиб қолинмаган. Мадраса ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача фаолият кўрсатган. Кейинчалик мадраса кўп йиллар қаровсиз қолиб, кўримсиз ҳолга келиб қолган.

Бизгача сақланиб қолган маълумотларнинг далолат беришича, Хожа Аҳрори Валий масжиди ва мадрасасида ишлайдиган кишилар нақшбандлик таълимотини ҳар томонлама пухта эгаллаган билимдон ва донишманд мударрислар бўлишган. Шунга қараб, мадрасада ўқийдиган талабалар ҳам иқтидорли ва истеъдодли бўлганлар. Чунки, мударрисларнинг билим савияси ва салоҳиятига қараб, мадрасада ўқийдиган ёшлар танлаб олинган.

Мустақиллик йилларида 1992-1998 йиллар оралиғида ҳам мадрасада исломшунослик ва араб тили мутахассисларини етиштириб берувчи ўрта таълим муассасаси сифатида фаолият олиб борган бўлиб, мадрасада 4 йил давомида таълим берилган. Ҳар бир курсда 20 нафардан жами 80 нафар талаба таҳсил олган.

Юртимизда кейингги йилларда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу сайъи-харакатлар эса амалда хорижлик сайёҳларни мамлакатимизга янада кўпроқ жалб этиш, Она Ватанимизни дунёга танитишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.

«Нодир девонбеги» мадрасаси ҳам бугун сайёҳлар севиб тамоша қиладиган муборак манзиллардан бирига айланган. Ўтмиш  таълим тизими билан боғлиқ маълумотларга эга бўлишни, ўша даврдаги таълим жараёнлари билан танишишни истаган минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳар йили бу масканга ташриф буюришади.

Биргина 2024 йилда мадрасага  25 дан ортиқ хорижий давлатлардан салкам 7000000 нафарга яқин сайёҳлар келиб, илм-фанимиз, бой маданиятимиз ва маънавиятимиз билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ғуломжон ТУРДИБОЕВ,

Нодир Девонбеги  мадрасаси Самарқанд тумани филиали мудири.


Дата добавления: 31/01/2025 16:49;   Просмотров: 71
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку