Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Самарқанд тумани фуқароларига мурожаат

Ҳурматли туманимиз аҳолиси!

2025 йилнинг 12 ойи якуни бўйича Самарқанд туманидаги криминоген вазият таҳлил қилинди. Унга кўра, жами жиноятлар сони 11,6 фоизга ёки 69 тага ошиб, 594 тадан 663 тага етган.

Умумий жиноятларнинг 49,8 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар бўлиб, ушбу турдаги жиноятлар 17,4 фоизга ёки 49 тага (281 тадан 330 тага) кўпайган. Шунингдек, аниқланадиган жиноятлар ҳам 38,5 фоизга ёки 67 тага ошиб, 174 тадан 241 тага етган.

Ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган жиноятлар сони Самарқанд туманида ўртача 238,6 тани ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич вилоят ўртача даражасидан (373,52 та) паст ҳисобланади.

Олдини олиш мумкин бўлган жиноят турлари кесимида оғир ва енгил тан жароҳати етказиш, ўғрилик, оилавий зўравонлик, безорилик ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатлар ошгани қайд этилди. Айниқса, ўғрилик жиноятлари 172,4 фоизга ўсгани барчамизни жиддий ҳушёрликка чорлайди.

Шахслар кесимида таҳлил қилинганда, жиноятларнинг бир қисми ёшлар, ишламайдиганлар, гуруҳ бўлиб ҳаракат қилувчилар, муқаддам судланганлар ҳамда вояга етмаганлар томонидан содир этилгани аниқланди.

Тумандаги 74 та маҳалланинг 5 таси “қизил”, 31 таси “сариқ” ва 38 таси “яшил” тоифага киритилган. “Қизил” тоифадаги маҳаллалар — Кўсаҳо, Янгиариқ, Паррандачилик, Шароф Рашидов ва Ўзбеккенти ҳисобланади. Энг кўп жиноят Янгиариқ, Ўзбеккенти, Паррандачилик ва Шароф Рашидов маҳаллаларида қайд этилган.

Жами 663 та жиноятнинг 154 таси ёки 23,2 фоизи фош этилмасдан қолган бўлиб, асосан ўғрилик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари улушни ташкил этмоқда.

Ҳурматли фуқаролар!
Жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчидир. Шу боис сизлардан қуйидагиларга амал қилишингизни сўраймиз:

— шахсий ва мулкий хавфсизликка эътиборни кучайтириш;
— уй-жой ва савдо объектларида қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш;
— фарзандлар тарбияси ва бўш вақти назоратини таъминлаш;
— шубҳали ҳолатлар ҳақида зудлик билан ички ишлар органларига хабар бериш;
— маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни кучайтириш.

Ички ишлар бўлими томонидан профилактика ишлари янада кучайтирилади, “қизил” маҳаллаларда манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Тинч ва осойишта ҳаёт — умумий масъулиятимиздир!

Ҳурмат билан,
Самарқанд тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи
Шерзод Тоғаев


Дата добавления: 12/01/2026 13:19;   Просмотров: 73
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку