Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМАРҚАНДДА КИТОБ САЙЛИ БОШЛАНДИ: МАЪРИФАТГА ЙЎЛ ОЧГАН ТАНТАНА

Самарқанд туманидаги Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтказилаётган VI Республика китобхонлик ҳафталиги тантанали равишда очилди.

Ушбу маърифий тадбир китобсеварлар, устозлар, ёшлар ва кенг жамоатчиликни бир майдонга жамлади.
Тадбир бошида давлатимиз мадҳияси янгради. Миллий мусиқа садолари остида саҳна китоблар кўргазмаси ва маънавиятга чорловчи шиорлар билан безатилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Бошловчининг самимий сўзлари, китобнинг инсон ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақидаги фикрлари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг китоб ҳақидаги ҳикматли сўзлари йиғилганларга чуқур таъсир қилди.
Расмий очилиш қисмида сўзга чиққан ҳурматли меҳмонлар — туман Нуронийлар кенгаши раиси Саид Мардонов, туман маҳаллалар уюшмаси раиси Абдужаббор Умаров, “Гулобод тонги” газетаси муҳаррири Савринисо Нарзуллаева, Республика “Овози тожик” газетасининг вилоятдаги махсус мухбири Зоҳир Ҳасанзода, туман “Бувижонлар мактаби” раҳбари Шоҳиста Негматова, Гулобод маҳалласи раиси Саодат Ғаниева ва бошқалар китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни маърифатли қилиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтдилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман Маданият бўлими хонанда ва созандалари чиқиш қилиб, йиғилганларга эстетик завқ бағишладилар.
Айниқса, ижод аҳли билан бўлган учрашув тадбирнинг энг қизиқарли ва мазмунли қисми бўлди. Фароғат Тошқул қизи, Қомилжон Жўрақулов каби ижодкорлар билан бўлган самимий мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўқувчилар томонидан ижро этилган шеърлар, китоб ҳақидаги ҳикматлар эса маънавий муҳитни янада бойитди. Маданий чиқишлар — хонанда ва созандалар ижроси тадбирга байрамона кайфият бахш этди.
Тадбир якунида сўзга чиққан туман Ахборот-кутубхона маркази директори Нилуфар Қаҳҳорова меҳмонларга ташриф учун ташаккур изҳор этиб, китобнинг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини яна бир бор таъкидлади.
Шу тариқа, Самарқанд туманида бошланган китобхонлик ҳафталиги нафақат маърифий тадбир, балки юртда китобга бўлган муҳаббатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маънавий воқеага айланди.


Последнее редактирование: 13/04/2026 18:22;   Просмотров: 8
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку