Мана шу муаззам кунларда Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни бутун Республикамизда ажойиб тантана ва байрамона кайфиятда ўтказилди.
Буларнинг ҳаммаси Ватанимиздаги тинчлик, фаровонлик ва шукроналикдан дарак беради.
Вилоят халқ таълими бошқармасининг 2016 йил 25-декабрдаги 297-сонли ҳамда ТХТМФМТ ва ТЭ бўлимининг 2017 йил 7 январдаги буйруқларига асосан барча таълим муассасаларида ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда.
Байрам арафасида 16-умумтаълим мактабида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекистон - мустақил Ватанимиз, Миллий армиямиз - фахру ғуруримиз!” шиори остида ватанпарварлик ойлиги аниқса, кўтаринки руҳда ўтказилди. Ойлик давомида 9-синф битирувчилари туман мудофаа ишлари бўлимида бўлиб ҳарбийлар ҳаёти билан танишишди. 13 январь куни эса барча синфларда “Мардлар қўриқлайди Ватанни” шиори остида мардлик ва жасорат дарслари ўтказилди.
Ўқитувчилардан Мавлуда Умарова, Маърифат Баракаева, Зебо Сиддиқова, Холида Ғиёсова, Замира Набиева ва бошқалар жасорат дарсларини мазмунли ўтказганлари боис ўқувчиларга ватанпарварлик ҳиссини уйғотиб, уларни Ватанга бўлган чексиз меҳрини оширдилар.
14 январь куни мактабда алоҳида байрам тадбири ташкил этилди. Унда захирадаги ҳарбий хизматчи, Ўрташиқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шодмон Азизов, туман вояга етмаганлар ишлари бўйича масъул ходимлар Бахтовар Нажмиев, Элбек Ражабов, Ўрташиқ маҳалла таянч пункти нозири Сўҳроб Шербеков ва шу маҳалла фахрийси Суб-ҳонқул Ҳамроқуловлар таклиф этилиб, улар билан учрашув ва суҳбат ўтказилди.
Йигитлар орасида ўтказилган “Балли, йигитлар” кўрик-танловида 9-синф ўқувчилари эпчил, чаққон ва топқир эканликларини кўрсатишди. Ўқувчилардан Азамат Мухторов, Шоҳрух Ҳамроев, Муҳаммад Мамадаминов, Бекзод Аҳрорқулов, Отабек Муқумжонов ҳамда спорт бўйича кўпгина мусобақалар ғолиби Умед Баротов фаоллик кўрсатишди.
Бўлиб ўтган тадбирлар ўқувчиларга катта таассурот қолдириб, тинчликни асраш учун ҳамма бир хил масъул эканлигини англатди.
Фарида АХМЕДОВА, халқ таълими аълочиси
* * *
Шунингдек, 22-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда ҳам ҳарбий фахрийлар, маҳалла фаоллари, пенсиядаги устозлар таклиф этилди. Нафақадаги ички ишлар ходими А.Ризаев, халқ таълими фахрийси М.Нўмоновлар сўзга чиқиб барчани байрам билан табриклаб, миллий армиямиз ёшлар қалбида ватанпарварликни мустаҳкамлашда ҳаёт мактабини ўтаётганлигини эътироф этдилар. Шундан сўнг мактабнинг 9-синф ўқувчиларидан иборат ўғил болалар ўртасида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” шиори остида ўзаро мусобақа бўлиб ўтди. Ғолиб чиққан ўқувчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
З.ШУКУРОВА, мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
* * *
Тумандаги 31-умумтаълим мактабида “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида бир қатор оммавий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, “Ўзбекистон - мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз–фахру ғуруримиз!” шиори остида ўқувчилардан диктант, баён, иншолар олинди ва деворий газеталар чиқарилди. “Она юртни мард ўғлонлар қўриқлайди” мавзусида давра суҳбати, “Баҳодир-2017” кўрик-танлови, “Жасорат дарслари” ташкил этилди. Бундан ташқари ҳарбий хизматни ўтаётган вақтда ҳалок бўлган Анвар Бўриевнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Тадбирлар давомида фаоллик кўрсатган ўқувчилар рағбатлантирилди.
Худди шундай тадбирлар 34-умумтаълим мактабида ҳам ўтказилиб, ўқувчилар онгига Ватанга садоқат, жасорат, мардлик, ҳарбий касбга ҳурмат туйғуларини сингдириш борасида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида “Авлодлар учрашуви”, ёзувчи ва шоирлар билан “Мардлик ва жасорат” дарслари ташкил этилди.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.